Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Гендер тенглигига эришишда оммавий ахборот воситаларнинг ўрни

17-05-2022 680

    Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг устувор йўналишлардан бири гендер тенглик – самарали иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт омили ҳисобланади. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрь ойида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сонли резолюциясига мувофиқ,    2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг    2018 йил 20 октябрдаги 841-сонли “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.    Унга кўра, Ўзбекистонда Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифа ишлаб чиқилди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда    мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида салоҳият ва имкониятлари ортиб бораётган оммавий ахборот воситалари,    жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳам ахборот манбаи ва мулоқот воситаси сифатида    муҳим роль ўйнайди. Айнан оммавий ахборот воситалари жамиятда гендер тенглигини таъминлашда муҳим интегратор вазифасини бажариши мумкин.

    Айниқса, бугунги кунда ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши муносабати билан оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантиришда тобора муҳим ва айни пайтда, кўп қиррали сиёсий таъсири сезилмоқда. Ахборот билан таъминлаш даражаси оммавий ахборот воситаларининг сиёсий роли ва фаоллиги янада ошганлигини намоён қилмоқда. Шунингдек, аёлларнинг жамиятдаги ўрни, ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларининг сиёсий фаолиятда етакчи аёлларнинг мавқеига таъсири кучайди.

    Ўзбекистоннинг барқарор сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маънавий ривожланишида хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги мавқеини сезиларли даражада барқарорлаштириш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий жараёнларга фаол интеграциялашуви орқали гендер тенглигини таъминлашда ОАВларининг иштироки жуда муҳим. Тан олиб айтиш керакки, бугунги кунда босма, визуал ва электрон оммавий ахборот воситалари хотин-қизлар ҳаётининг ранг-баранглиги, жамият ривожига қўшаётган ҳиссаси тўғрисида холисона ва аниқ тасаввур бера олмаяпти.

    Давлат томонидан кенг кўламли ахборот имкониятларидан фойдаланиш гендер тенглиги сиёсатини муваффақиятли амалга ошириш омилларидан биридир. БМТ, БМТ Тараққиёт Дастури, ташкилотнинг Аёллар фонди    (UNIFEM – United Nations Development Fund for Women), Болалар фонди (UNICEF    –    United Nations International Children’s Emergency Fund)    ҳамда Европа Кенгаши фаолиятида дунё ҳамжамиятининг аёлларга эътиборини кучайтиришга эришиш, хотин-қизлардан тараққиётнинг сиёсий механизми сифатида ҳамда ривожланишнинг истиқболли стратегик ресурси сифатида фойдаланиш бўйича халқаро стратегия ва ёндашувлар оммавий ахборот воситаларида тизимли равишда ёритиб келинмоқда.

    Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, оммавий ахборот воситаларида фаолият юритувчи аёллар сони глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда, шу билан бирга, эркакларнинг раҳбарлик лавозимларини (продюссерлар, раҳбарлар, бош муҳаррирлар ва ноширлар) эгаллаши янада кўпроқ кузатилмоқда. Бу каби тенгсизликнинг кўринишлари турли соҳаларда, жумладан, сиёсат, хорижий давлатлар ҳудудида журналистик фаолият олиб боришда, спорт журналистикаси соҳаларида, тунги иш сменасида ишлашда яққол кўзга ташланмоқда.

    Global Media Monitoring Project (GMMP) ҳисоботига кўра, бутун дунё бўйлаб аёл журналистларга оила, турмуш тарзи, мода ва санъат каби “енгил” мавзулар кўпроқ топширилади. Сиёсат, иқтисодиёт, техника йўналишидаги “оғир” янгиликларнинг аёллар томонидан ёзилиши ва ёритилиши ҳолатлари камроқ.

    Айнан ОАВ контентида гендер тенгсизлик, эскича қарашлар ёки камситиш аломатлари борлиги, бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида гендер стереотипларининг сақланиб қолиши, ижтимоий тармоқларда нозик жинс вакилларига нисбатан нафрат нутқининг кенг тарқалганлиги, контр-стереотипларнинг камлиги ва оммавий ахборот воситаларида аёлларга нисбатан зўравонлик каби масалаларнинг кўпинча шов-шувли тарзда ёритилиши журналистларнинг зарур тайёргарликка эга эмаслигининг белгиси ҳисобланади.

    2013 йилда Европа Кенгаши Вазирлар қўмитаси томонидан гендер тенглиги ва оммавий ахборот воситалари бўйича тавсиянома қабул қилинган бўлиб, унда қўйидаги 6 та йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган 16 та чора-тадбир белгилаб қўйилган:

    1. Гендер тенглиги сиёсати ва қонунчилиги, кўрсаткичлар

    2. Ахборот билан таъминлаш ва илғор тажрибаларни тарғиб қилиш

    3. Ҳисобот бериш каналлари

    4. Тадқиқот ва нашрлар

    5. Медиасаводхонлик    

    6. Фаол фуқаролик.

    2015 йилда эса ушбу тавсияларнинг аъзо давлатлар томонидан амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли йўриқномалар акс этган қўлланма нашр этилган. Гендер стереотиплари ва сексизмга қарши курашиш, жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали курашиш – Европа Кенгаши гендер тенглиги бўйича стратегиясининг устувор вазифаларидан биридир.

    Гендер тенглиги бўйича комиссия Европа Кенгашининг 2018–2023 йилларга мўлжалланган гендер тенглиги стратегиясининг олтита мақсадини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.

    Оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет ва сунъий интеллект гендер тенглигига сезиларли таъсир кўрсатади. Гендер тенглигини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар, шунингдек, ушбу соҳаларга гендер тенглиги истиқболларини интеграция қилиш ушбу секторларнинг ҳақиқатан ҳам инклюзив бўлишини ва улар ижтимоий ўзгаришларга ҳисса қўшишини таъминлаш учун жуда муҳимдир.

    ЮНЕСКОнинг Глобал устувор “гендер тенглигига” мувофиқ, ташкилот 2030 йилгача оммавий ахборот воситаларида гендер тенглигига тўлиқ эришишга ҳисса қўшиб келмоқда. Гендерга йўналтирилган медиа кўрсаткичлари оммавий ахборот воситаларига уларнинг мазмуни ва ишини таҳлил қилиш учун кенг қамровли асосни тақдим этади ва бутун дунё бўйлаб медиа ташкилотлари иштирокидаги таълим ташаббуслари учун асос бўлади.

    ЮНЕСКО мутахассислари ва медиа экспертлари томонидан масс-медиа учун гендер сезувчан индикаторлар ишлаб чиқилган, уларнинг мақсади “фойдаланиладиган технологиялардан қатъи назар барча турдаги оммавий ахборот воситалари орқали гендер тенгликка кўмаклашиш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дан иборат. ЮНЕСКО ташаббуси билан ташкил этилган оммавий ахборот воситалари ва Гендер сиёсати муаммолари бўйича    Глобал алянс    гендер тенглиги соҳасидаги стратегия ва сиёсат бўйича саъй-ҳаракатлар ҳамда тадқиқотларни мувофиқлаштириш учун дунёнинг ҳар бир минтақасидан юзлаб ташкилотларни бирлаштиради.

    Бугунги ўзбек журналистикасида, кўпинча матбуотда, ТВ, радио, интернетда, умуман массмедиада, шунингдек, рекламада гендер стереотипларга эга контентлар кўплаб учрамоқда.

    Мавжуд    стереотиплар борасида сўз юритилар экан, шу ўринда    Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил июнь ойида ўтказилган Олий Мажлис Сенати йиғилишидаги нутқидан    иқтибос    келтириш жоиз:

    “Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда,    биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

    Мамлакатда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама таъминлашга қаратилган, жумладан, гендер тенглик масаласига оид 25 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

    Хотин-қизлар ва оилалар билан ишлаш тизимини янада мустаҳкамлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси тузилди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида алоҳида қўмита ташкил этилди.

    Айтиш жоизки, сўнгги йилларда кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди.

    Сиёсий партиялардаги хотин-қизлар улуши    44 фоизга, олий таълим соҳасида    40 фоизга, тадбиркорликда    35 фоизга етди, хотин-қизлар ахборот-коммуникация, инновация, энергетика, мухандислик соҳаларига кенг жалб этилмоқда.

    Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқнинг 2021 йилги “Сиёсатдаги аёллар” жаҳон рейтингида 45-ўринни эгаллади. Бу борада мамлакатимиз 130 дан ортиқ давлатлар, жумладан, Германия, Австралия, Канада, АҚШ, Марказий Осиёнинг барча давлатлари ва бошқаларни ортда қолдирди.

    Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда бошқарув тизимида аёллар улуши 33 фоизга етди. Юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар, турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишламоқда.

    81 та    вазирлик ва идорада илғор, билимли аёллардан иборат    15 минг    нафардан ортиқ кадрлар захираси шакллантирилди.

    Фуқаролар йиғинига бўлиб ўтган сўнгги сайловларда 1025 нафар аёл сайланди. Ташкилот ва корхона раҳбарларининг 45,3 фоизи аёлларни ташкил этади. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда 82 фоиз, фан, таълим, маданият, санъат соҳасида 72 фоиз, қишлоқ хўжалигида 45 фоиз, саноатда 38 фоиз тадбиркорлик йўналишида 29 фоиз аёллар фаолият юритмоқда.

    Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбарлик лавозимларига тайинланди.

    Ўзбекистонда аёл ҳокимлар сони 6 кишига етди, Исроил давлатига аёл элчи тайинлангани билан лидер аёллар мавзуси қизғин муҳокама объектига айланди.

    Сенат раислигига аёл кишининг сайланиши орқали Ўзбекистон Сенат раҳбари аёл киши бўлган саноқли —    56 та давлат сафига кирди.

    Юқорида таъкидланган ислоҳотларни тарғиб қилишда ОАВ эскирган қарашларни бартараф этиб, гендер тенглик ва адолат масалаларини ёритиш, сиёсий-иқтисодий мавзудаги хабарларни ёритишда хотин-қизлар ва эркакларни холис тасвирлаш йўли билан ОАВда эркаклар ва аёлларнинг адолатли тасвирини яратишга имкон яратади.

    ОАВда гендер ёндашув тарбиявий вазифани ҳам бажариши керак. Мисол учун, гендер тенглик мавзусини ёритиш орқали журналистлар аудиторияни бунга чорлаши, уларда ушбу мавзуга нисбатан бағрикенгликни тарбиялаши керак. Бу эса маънавий ва ақлий иммунитетни ривожлантириш, ахборот хуружларига бардошли бўлиш ва дунёга ўз ҳақиқатини, овозини етказиш йўлларини мудом излашни талаб этади.

    Мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистика таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари ва ахборотлаштириш соҳаси масъул идоралари вакиллари бугун мамлакатимизга нисбатан ахборот хуружи, ижтимоий тармоқлардаги дезинформация бўрони учун масъул шахслар ҳисобланади.

    Бугун ижтимоий тармоқлар ҳам маълум маънода оммавий ахборот вазифасини бажармоқда. Дастлаб улар ўзаро мулоқот қилиш майдони сифатида юзага келган. Уларнинг анъанавий ОАВдан фарқи шундаки, биринчи навбатда, ижтимоий тармоқда тарқатилаётган ахборотларнинг холис ва тўғрилиги доим савол остида қолмоқда. Устун жиҳати эса, ижтимоий тармоқда юз бераётган воқеа-ҳодисалар ва ахборотларга нисбатан муносабат, фикр билдириш, мулоқот жараёнида қатнашиш мумкин. Бироқ, аксарият ҳолатларда мулоқотлар ва изоҳ қолдириш соғлом муҳитда содир бўлмаяпти. Фойдаланувчилар ўртасида диний, ирқий, этник можаролар келиб чиқмоқда.

    Албатта, оммавий ахборот воситалари ходимлари зиммасида жамиятдаги муштарак жараёнларни яқиндан ўрганиб, уларни янада кенгроқ оммага танитиш вазифаси бор. Ваҳоланки, оммавий ахборот воситалари тизимида гендер тенглиги ва касбдаги гендер тенгсизликни кенгроқ ёритишдан тортиб, журналист аёлларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш ва қарорлар қабул қилишда аёлларнинг чекланган вакиллигини ҳал қилишгача бўлган қатор соҳаларда янада кенг кўламли саъй-ҳаракатларни амалга ошириш талаб этилади.

    БМТнинг Аёллар мақоми бўйича комиссияси, Аёлларга нисбатан камситишларга барҳам бериш қўмитаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш даражасидаги йиғилишларда иштирок этиш орқали мамлакатимизда хотин-қизлар камситилишига қарши курашиш мақсадида бир қатор хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда.

    Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсади вазифалари (Гендер тенглик)га мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида давлат тузилмасининг турли даражаларида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.

    Гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда:

    • аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш;

    • аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш;

    • аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари борасидаги хабардорлигини ошириш;

    • ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш.

    Сўнгги йилларда    гендер тенгликни таъминлаш мақсадида    Ўзбекистонда    бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” ги    қонунлар ҳамда    аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг мақомини кучайтиришга оид бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.    Хотин-қизлар учун зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган 197 та марказ, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича 200 дан ортиқ инновацион мактаблар ташкил этилди.

        Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган муҳим масалалардан бири – хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларга янги имкониятлар яратиш масаласи эди.    Шунингдек, 2021 йил 22 февралда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон хуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида давлатимиз раҳбари “Гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишларни қатьий давом эттириш” масаласини алоҳида қайд этиб ўтди.

    2017 йилдан ШҲТ ва БРИКС мамлакатлари хотин-қизларининг халқаро Конгресси бўлиб ўтди. 2017 йилда ШҲТ ва БРИКС мамлакатлари хотин-қизларининг биринчи халқаро Конгресси “Замонавий жамиятда хотин-қизларнинг ўрни: сиёсат, иқтисодиёт, фан, таълим ва маданият соҳасидаги ҳамкорлик” мавзусига бағишланди. Конгрессда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Мўғулистон, Покистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан 300 дан ортиқ хотин-қизлар ташкилоти вакиллари иштирок этди. 2019 йилнинг 15-16 май кунлари Бишкек шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти мамлакатлари аёлларнинг иккинчи форуми бўлиб ўтди.    Форум доирасида “ШҲТга аъзо давлатлар минтақавий ҳамкорлигининг гендер жиҳатлари”, “Минтақанинг барқарор ва инклюзив иқтисодий ривожланишида аёлларнинг иштироки”, “Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига инвестициялар: минтақавий ҳамкорлик учун имкониятлар”, “Имкониятларнинг тенглиги учун инновациялар ва рақамлаштириш даври”, “Аёллар ва қизларнинг аҳволини яхшилаш учун минтақавий чақириқлар ва имкониятлар” каби бешта сессия бўлиб ўтди.

    БМТ маълумотларига кўра, дунёда 15–19 ёш оралиғидаги ҳар тўрт нафар қиздан бири ишлаш, ўқиш ва касбий тайёргарликдан ўтиш имкониятига эга эмас. Демак, келажагимизнинг камида 1/4 қисми хавф остида.

    Тўғри, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда хотин-қизларнинг камситилиши, уларнинг оддий инсоний ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ жиддий ижтимоий иллатлар қаламга олинмоқда, оилавий, маиший зўравонликка учраётган аёллар тақдири ёритилмоқда. Бу жамиятимизда ҳанузгача кўп учраётган – эрта турмушга бериш (мажбурлаб), қизнинг хоҳишига зид тарзда ёқтирмаганига узатиш, қизнинг ўқишига, етук мутахассис бўлишига ишонмаслик ва ҳоказо иллатларнинг мавжудлигини намоён этмоқда ҳамда айнан ана шу иллатлар чин истеъдодларимизнинг юзага чиқмай қолишига сабаб бўлмоқда. Бу иллатлар йўқолмас экан, хотин-қизлар ҳуқуқлари бузилаверади, улар ўзининг тўлиқ салоҳиятини кўрсата олмай ўтиб кетаверишади.

    Демак, ОАВ вакиллари, журналистлар юқоридаги каби мавзуларни ёритишар экан, вазиятни маълум гендер индикаторлари призмаси орқали таҳлил қила билиши даркор. Бунда журналистик этикага, шахс дахлсизлиги принципларига қатъий риоя этиш талаб этилади. Воқеа-ҳодисанинг ОАВ ёки ижтимоий тармоқда кенг муҳокама этилиши ортидан тақдири муҳокама этилаётган аёл ёки қизнинг кейинги ҳаёти, жамиятдаги мавқеи, шаъни ва қадр-қиммати топталмаслиги зарур.    

    Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки,    журналистларимиз оммавий ахборот воситаларининг жамиятда аёлларга нисбатан соғлом муносабатни, бошқача айтганда, юксак гендер тафаккурни шакллантиришга бевосита ва билвосита масъул эканлигини ҳис этган ҳолда фаолият юритишлари даркор.    

    Гулҳаё БАРНОЕВА,

    Барқарор ривожланиш маркази “Барқарор ривожланиш жараёнларини ўрганиш” бўлими бош илмий ходими