Қуёш ва шамол электр станциялари кўпайган сари электрни нафақат ишлаб чиқариш, балки уни зарур пайтгача сақлаб туриш масаласи ҳам долзарблашмоқда. Чунки қуёш ва шамолдан олинадиган электр миқдори доим бир хил эмас: баъзи вақтларда ортиқча ишлаб чиқарилади, бошқа пайтларда эса талаб ортади. Шунинг учун ортиқча электрни сақлаб, керак бўлганда яна тармоққа узатиш имконини берадиган ечимларга эҳтиёж кучаймоқда.
Шундай усуллардан бири — суюқ ҳавода энергия сақлаш, яъни LAES (Liquid Air Energy Storage—suyuq havoda energiya saqlash texnologiyasi). Электр ортиқча бўлган пайтда атмосфера ҳавоси сиқилади ва тахминан –194…–196°C гача совитилиб, суюқ ҳолатга келтирилади. Сўнг у махсус резервуарларда сақланади. Электрга талаб ошганда суюқ ҳаво қайта қиздирилиб, газ ҳолатига ўтади. Кенгайган ҳаво турбинани ҳаракатга келтиради ва шу орқали электр энергияси ҳосил қилинади.
2026 йил 30 октябрда Хитойнинг Цинхай провинциясида 60 МВт қувватга эга ва 600 МВт·соат энергия сақлай оладиган LAES станцияси электр тармоғига уланди. У тўлиқ қувватда қарийб 10 соат электр етказиб бера олади. Станция 250 МВтли қуёш электр станцияси билан бирга ишлайди: қуёшли пайтда ортиқча электр ҳавони суюлтиришга сарфланади, талаб ошганда эса сақланган энергия тармоққа қайтарилади.
LAESнинг асосий устунлиги — уни қуриш учун тоғли ҳудуд, катта сув ҳавзаси ёки ер остида махсус бўшлиқлар шарт эмас. Бироқ унинг самарадорлиги ҳозирча унчалик юқори эмас. Автоном LAES тизимларида сарфланган энергиянинг тахминан 50–60 фоизини қайта олиш мумкин. Қолган қисми ҳавони сиқиш, совитиш ва қайта қиздириш жараёнларида йўқотилади. Шунинг учун LAES аккумуляторли тизимларнинг ўрнини босиш учун эмас, балки улар билан бирга қўлланадиган қўшимча ечим сифатида қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистонда ҳам энергия сақлаш тизимлари жадал кўпаймоқда. 2025 йилда умумий қуввати 1 245 МВт бўлган шундай объектлар ишга туширилди. 2030 йилгача эса уларнинг умумий қувватини 4,5 ГВтга етказиш режалаштирилган.
LAESни Ўзбекистонда синаб кўриш учун, аввало, қуёш ва шамол энергетикаси ривожланган ҳамда йирик саноат корхоналари мавжуд Навоий ёки Бухоро вилоятларини ўрганиш мумкин. Масалан, Навоийда қайси вақтларда ортиқча электр ҳосил бўлиши, саноат корхоналарида ишлатилмай қолаётган иссиқлик манбалари мавжудлиги ва LAESни тармоққа улаш имкониятлари баҳоланади.
Шундан кейин унинг харажати, самарадорлиги, энергияни қанча вақт сақлай олиши ва хизмат муддати аккумуляторли BESS (Battery Energy Storage System — — аккумуляторли энергия сақлаш тизими) тизимлари билан таққосланади. Агар ҳисоб-китоблар ижобий натижа берса, кичик қувватли тажриба қурилмасини ишга тушириш мумкин. Бу эса LAESнинг Ўзбекистон шароитида амалий жиҳатдан қанчалик самарали эканини аниқ кўрсатиб беради.
Алишер Азизов,
“Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бош мутахассиси