Сўнгги йилларда дунё миқёсида болалар ўртасида нотўғри овқатланиш, oртиқча вазн ва озиқ моддалар етишмовчилиги жиддий муаммога айланмоқда. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида соғлом овқатланишни тўғри ташкил этиш нафақат ижтимоий, балки стратегик аҳамият касб этади. Чунки болалик даврида шаклланган овқатланиш одатлари инсоннинг бутун ҳаёти давомида соғлиқ кўрсаткичларига таъсир кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, Япониянинг таълим муассасаларида соғлом овқатланиш тизими алоҳида эътиборга лойиқ. Бу давлатда мактаб тушликлари дастури — “kyūshoku” миллий миқёсда амал қилади ва ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш тизими “Мактаб тушликлари тўғрисидаги қонуни” (School Lunch Program Act) асосида тартибга солинади ва болалар овқатланиши ижтимоий ёрдам сифатида эмас, балки таълим ва жамоат саломатлиги сиёсатининг ажралмас қисми сифатида қаралади.
Япония моделида мактаб тушликлари фақат калория бериш билан чекланмайди. Менюлар мутахассис диетологлар томонидан ишлаб чиқилади ва болаларнинг ёш ҳамда физиологик эҳтиёжларига мос равишда тузилади. Оқсил, ёғ, углевод, витамин ва минераллар мувозанати қатъий назорат қилинади. Расмий маълумотларга кўра, мактаб тушликлари ўқувчиларнинг кунлик озиқ моддаларга бўлган эҳтиёжининг тахминан учдан бир қисмини ташкил этади. Бу эса ижтимоий-иқтисодий фарқларни қисман юмшатишга хизмат қилади.
Тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — овқатланиш жараёни таълим билан узвий боғланганлигидир. Мактабларда тушликлар синф хоналарида жамоавий тарзда ташкил этилади, ўқувчилар таом тарқатиш ва йиғиштириш жараёнларида иштирок этади. Бу болаларда масъулият, интизом ва озиқ-овқатга нисбатан ҳурмат маданиятини шакллантиради. Шу билан бирга, санитария-гигиена талаблари ва маҳсулот сифати назорати юқори даражада таъминланади.
Халқаро таҳлилларга кўра, Япония болалар орасида ортиқча вазн жиҳатидан ривожланган давлатлар орасида энг паст кўрсаткичлардан бирига эга. Бу эса таълим муассасаларида соғлом овқатланиш тизими илмий асосланган ва узоқ муддатли сиёсатга айланганлигини кўрсатади.
Мазкур модель БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳам уйғунлик касб этади. Аввало, у барқарор ривожланишнинг иккинчи — “Очликка барҳам бериш ва яхшиланган овқатланишни таъминлаш” мақсадига тўғридан-тўғри мос келади, чунки мактаб тушликлари барча болалар учун тўйимли ва стандартлашган овқатланиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, ушбу тизим барқарор ривожланишнинг учинчи — “Соғлом ҳаёт ва фаровонликни таъминлаш” мақсадининг амалий кўриниши ҳисобланади, зеро болалик давридаги тўғри овқатланиш келaжакдa уларнинг саломатлик кўрсаткичларига бевосита таъсир кўрсатади.
Яқинда мамлакатимиз делегацияси — мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш тизими ҳамда тегишли идоралар вакиллари — Японияда бўлиб, ушбу тажрибани жойида ўрганди. Ташриф доирасида мактаб ва боғчаларда соғлом овқатланишни ташкил этиш амалиёти, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш механизмлари ҳамда бошқарув тизими атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутасадди ташкилотлар билан учрашувлар ўтказилиб, ҳуқуқий асослар, санитария талаблари ва маҳсулотлар сифати назорати масалалари муҳокама қилинди.
Бу ҳамкорлик мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида соғлом овқатланиш тизимини такомиллаштириш болалар саломатлигига қаратилган узоқ муддатли инвестициядир.
Хулоса қилиб айтганда, Япония тажрибаси болалар овқатланиши ижтимоий хизмат эмас, балки барқарор ривожланишнинг амалий механизми эканлигини кўрсатади. Болалар саломатлигига қаратилган ҳар бир тизимли қадам мамлакатнинг келажак салоҳиятини белгилайди.