Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш соҳасида халқаро илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

09-11-2026 1479

    Барқарор ривожланиш марказида Швециянинг Уппсала университети Тинчлик ва зиддиятларни тадқиқ қилиш департаменти раҳбари, профессор Ашок Свайн билан учрашув бўлиб ўтди.

    1477 йилда асос солинган Уппсала университети Скандинавиядаги энг қадимий олий таълим муассасасидир. Ашок Свайн, шунингдек, халқаро сув ҳамкорлиги бўйича ЮНЕСКО кафедраси раҳбари сифатида сув ресурсларини бошқариш, тинчлик ва хавфсизлик масалаларини тадқиқ этиб келмоқда.

    Учрашувда Барқарор ривожланиш маркази фаолиятининг асосий йўналишлари, Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёни ва бу борада фуқаролик жамияти институтларининг иштироки муҳокама қилинди.

    Мулоқот иштирокчилари илмий тадқиқотлар натижаларидан давлат сиёсатини такомиллаштиришда фойдаланиш, экспертлар ҳамжамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани миллий амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

    Профессор Ашок Свайн Ўзбекистонга илк ташрифи давомида мамлакатдаги бунёдкорлик ишлари ва барқарор ривожланиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар унда ижобий таассурот қолдирганини таъкидлади. У Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ташрифи чоғида талабаларнинг билимга интилиши, хорижий тилларда эркин мулоқот қилиши ва интеллектуал салоҳиятини алоҳида эътироф этганини қайд этди.

    Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва минтақавий сув масалалари учрашувнинг муҳим мавзуларидан бўлди. Ашок Свайн Ўзбекистоннинг сув хўжалигини ривожлантириш ва мавжуд муаммоларга ечим излаш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаб, уларнинг бутун Марказий Осиё учун аҳамиятига эътибор қаратди.

    Шунингдек, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларга эришишда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Уппсала университети билан экспертлар ва тадқиқотчилар даражасида алоқаларни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.

    Истиқболли йўналишлар қаторида барқарор ривожланиш, тинчлик ва хавфсизлик, сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгариши ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари бўйича қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, экспертлик мулоқотлари, конференция ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, ёш тадқиқотчилар учун таълим дастурларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.