2026 йил 28 октябрь куни Халқаро барқарор ривожланиш институти (International Institute for Sustainable Development — IISD)нинг SDG Knowledge Hub ахборот-таҳлилий платформасида Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи Жаҳонгир Исаевнинг «ISO/UNDP 53001 стандарти Ўзбекистонда БРМ бўйича қарорлар самарадорлигини қандай ошириши мумкин?» (How ISO/UNDP 53001 Can Improve SDG Decisions in Uzbekistan) номли таҳлилиймақоласи чоп этилди.
Мақолада Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга оширишда мониторинг натижаларидан самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш учун фойдаланиш масалалари, шунингдек, янги ISO/UNDP 53001:2026 халқаро стандартининг Ўзбекистон учун амалий аҳамияти таҳлил қилинган.
Муаллиф Ўзбекистонда БРМ ижросини таъминлаш бўйича шаклланган миллий институционал механизмлар, статистик мониторинг тизими ҳамда 2020 ва 2023 йилларда БМТга тақдим этилган Ихтиёрий миллий ҳисоботлар тажрибасига алоҳида эътибор қаратган.
Таҳлилда 2026 йил 28 сентябрда ISO ва БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) томонидан тақдим этилган ISO/UNDP 53001 стандарти миллий мақсадларни ташкилотлар фаолияти, аниқ масъулият, натижадорлик кўрсаткичлари ва амалий бошқарув қарорлари билан янада мустаҳкам боғлаш имконини бериши таъкидланган.
Мақолада ушбу ёндашувни Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказиш юзасидан учта амалий таклиф илгари сурилган. Жумладан, вазирлик, ҳудудий ҳокимлик ва давлат иштирокидаги корхона фаолиятини қамраб олувчи 12 ойлик ихтиёрий пилот лойиҳани ташкил этиш, мониторинг натижаларини тегишли бошқарув чоралари билан боғлаш ҳамда эришилган натижаларни жамоатчилик иштирокида баҳолаш таклиф қилинган.
Шунингдек, сув тежовчи технологиялар мисолида БРМ 6, БРМ 7 ва БРМ 8 ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, институционал ҳисобдорликни кучайтиришда БРМ 16 ҳамда ҳамкорлик механизмларини ривожлантиришда БРМ 17нинг аҳамияти очиб берилган.
Муаллифнинг хулосасига кўра, БРМ бўйича тараққиётнинг кейинги босқичида асосий вазифа фақат янги кўрсаткичлар ёки ҳисоботларни шакллантириш эмас, балки мавжуд маълумотлар асосида қабул қилинаётган қарорларнинг аниқ ижтимоий, иқтисодий ва экологик натижаларини таъминлашдан иборат.
Мақоланинг халқаро платформада эълон қилиниши Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш тажрибаси ва миллий бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган эксперт таклифларини халқаро аудиторияга етказиш имконини беради.
Мақоланинг тўлиқ матни (инглиз тилида): https://sdg.iisd.org/commentary/guest-articles/how-isoundp-53001-can-improve-sdg-decisions-in-uzbekistan/