Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиялари: инсон қадри, ижтимоий адолат ва ёшлар имкониятлари

25-09-2026 12

    2026 йил 24 сентябрь куни Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси ҳамда Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида онлайн жамоатчилик    муҳокамаси ўтказилди. «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» доирасида ва «Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиялари: инсон қадри, ижтимоий адолат ва ёшлар имкониятлари» мавзусида ташкил этилган ушбу тадбирда    туман ҳокимлиги ва Маҳалла уюшмаси вакиллари, маҳалла раислари ҳамда «маҳалла еттилиги» фаоллари қатнашди.

    Тадбирнинг асосий мақсади «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун яратилаётган имкониятларни муҳокама қилиш ҳамда маҳалла, таълим муассасаси ва оила ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборат бўлди.

    Жамоатчилик муҳокамасида сўзга чиққан Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари Абдуманноп Туляганов мамлакатдаги стратегик ислоҳотлар инсон қадри, ижтимоий адолат ва ҳудудий тараққиёт устуворликларига асосланганини таъкидлади. Маърузада боғча қамровини 100 фоизга, олий таълимни 50 фоизга, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш каби асосий мақсадли кўрсаткичлар қайд этилди. Марказ эксперти Шодиёр Азизов эса БМТнинг 16 та глобал мақсади Ўзбекистоннинг миллий БРМ кўрсаткичлари ҳамда 200 дан ортиқ вазифалари билан интеграция қилинганини тушунтириб ўтди.

    Тадбирда туман аҳолисининг ижтимоий ҳолати бўйича ҳам муҳим рақамлар келтирилди. Ижтимоий реестрда турган 1 265 нафар фуқародан (аҳолининг 2,7%) 468 нафари «қизил тоифа»га киритилган бўлиб, тўлиқ давлат таъминотига олинган. Ишлаш лаёқатига эга 761 нафар фуқаро «сариқ тоифа»да, камбағалликдан чиқиш арафасидаги 36 нафар фуқаро эса «яшил тоифа»да қайд этилган. Бундан ташқари, платформа орқали 1 680 нафар ёшлар рўйхатга олиниб, туман ҳокими бошчилигидаги Штаб томонидан уларга кредит ажратиш ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

    Муҳокама якунида маҳаллаларда БРМ кўрсаткичларини доимий мониторинг қилиш, «маҳалла еттилиги» фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолига имтиёзли кредитлар ажратиш орқали барқарор иш ўринларини яратиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Баркарор ривожланиш маркази    

Тошкент вилояти бўлими