Янгийўл шаҳрида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатлари иштирокида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг долзарб масалаларига бағишланган ўқув семинари ташкил этилди.
2026 йил 3 ноябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари ҳамоҳанглиги” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Барқарор ривожланиш марказининг Тошкент вилояти бўлинмаси, Янгийўл шаҳар Халқ депутатлари Кенгаши ҳамда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳокимлик ходимлари, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, соҳанинг бошқа манфаатдор иштирокчилари — жами 50 нафарга яқин киши қатнашди.
Семинарнинг асосий мақсади мамлакатимизда амалга оширилаётган стратегик ислоҳотлар ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ўртасидаги узвий боғлиқликни кенг тушунтириш, миллий мақсад ва вазифаларнинг ҳудудлар даражасидаги ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўрни ва масъулиятини оширишдан иборат бўлди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда барқарор ривожланиш тушунчаси фақат иқтисодий ўсиш ёки инфратузилмани яхшилаш билан чекланмайди. У инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сифатли таълим ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, муносиб меҳнат ва бандликни таъминлаш, гендер тенгликка эришиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби муҳим йўналишларни қамраб олади.
БМТ томонидан 2030 йилгача бўлган давр учун белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда мамлакатимизда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган. Уларнинг миллий тараққиёт дастурлари билан уйғунлаштирилиши эса ҳар бир мамлакатнинг узоқ муддатли ривожланиши, ижтимоий адолат ва иқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда ҳам ушбу мақсадларни миллий тараққиёт устуворликлари билан уйғунлаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар Барқарор ривожланиш мақсадларининг мазмун-моҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Семинар давомида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, халқ депутатлари Кенгаши аъзоси Муроджон Турғунов Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияларида инсон қадри, ижтимоий адолат ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Унинг таъкидлашича, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон манфаатлари туриши, ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ёшларнинг билим олиши, касб эгаллаши ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур имкониятларни кенгайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада миллий тараққиёт стратегиялари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари бир-бирини тўлдирувчи муҳим дастурий асос бўлиб хизмат қилади.
Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари Абдуманноп Тўлаганов ўз маърузасида Барқарор ривожланиш мақсадларининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширишдаги аҳамиятини атрофлича ёритди.
Жумладан, Ўзбекистонда мазкур йўналишда шаклланган институционал ва ҳуқуқий асосларга эътибор қаратилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 841-сон қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар тасдиқлангани, 2022 йил 21 февралдаги 83-сон қарор билан эса уларни амалга ошириш бўйича 2022–2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси қабул қилингани қайд этилди.
Шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнларини мувофиқлаштириш, уларнинг ижросини мониторинг қилиш ва баҳолашга қаратилган институционал механизмлар, хусусан, Мувофиқлаштирувчи кенгаш ва парламент назорати институтларининг аҳамияти таъкидланди.
Маърузачи “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ўзаро уйғунлигига ҳам алоҳида тўхталди. Хусусан, иқтисодий фаровонлик, ижтимоий ҳимоя, сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, тоза ичимлик суви ва экологик барқарорлик каби йўналишларда белгиланган вазифалар мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шу билан бирга, экология ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, таълим сифатини ошириш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ҳуқуқий кафолатлар ва миллий механизмлар ҳақида маълумот берилди.
Семинарда маҳаллий вакиллик органларининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги ўрни ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Марказ эксперти Шодиёр Азизов ўз маърузасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари глобал мақсадларни ҳудудлар ва маҳаллалар даражасида амалий натижаларга айлантиришда муҳим бўғин эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгаш депутатлари аҳолининг кундалик ҳаёти билан бевосита боғлиқ муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечими юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга ошириш орқали барқарор ривожланиш жараёнларига салмоқли ҳисса қўшиши мумкин.
Маърузада бу борадаги фаолиятнинг бир нечта муҳим йўналишига эътибор қаратилди. Жумладан, маҳаллий бюджет маблағларини аҳолининг долзарб эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мақсадли йўналтириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиёт хизматлари сифатини ошириш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш ҳамда экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда депутатларнинг ташаббускорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, давлат ташкилотлари ва ҳудудий идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш, белгиланган дастурлар ижросини таҳлил қилиш, аниқланган муаммолар юзасидан депутатлик сўровларини юбориш ва масъулларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш маҳаллий Кенгашларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.
Айниқса, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда Барқарор ривожланиш мақсадларига мосликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш долзарб аҳамият касб этади.
Бунда депутатларнинг маҳалла фаоллари, «маҳалла еттилиги», фуқаролик жамияти институтлари ва аҳоли билан яқин ҳамкорлиги алоҳида ўрин тутади. Чунки барқарор ривожланишга қаратилган ҳар қандай ислоҳот, аввало, одамларнинг реал эҳтиёжлари ва манфаатларига хизмат қилиши, жойлардаги мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига йўналтирилиши лозим.
Тадбир давомида иштирокчилар Барқарор ривожланиш мақсадларини маҳаллий даражада амалга ошириш, депутатлик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларида миллий мақсадларни инобатга олиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Семинар якунида экспертлар иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб бериб, мавзуга оид тақдимотлар ҳамда электрон ва қоғоз шаклидаги тарқатма материалларни тақдим этдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш фақат давлат органлари ёки алоҳида ташкилотларнинг вазифаси эмас. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашлар, фуқаролик жамияти институтлари, маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Зеро, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони — инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳар бир фуқаро учун муносиб ҳаёт шароитларини яратишдир. Барқарор ривожланиш мақсадлари эса ушбу эзгу вазифаларни изчил амалга ошириш, миллий тараққиётни халқаро мезонлар билан уйғунлаштириш ва 2030 йилга қадар белгиланган мақсадларга эришишда муҳим дастурий асос бўлиб хизмат қилади.