Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланиш контекстида иқлим сиёсати

26-11-2025 66

    Охирги йилларда иқлим ўзгариши ва шу билан бирга об-ҳаво ҳам кескин ўзгариб кетиши натижасида, сайёрамизнинг ҳар бир қитъасида одатий, ўзига хос бўлган иқлим тубдан ўзгариб бораётганини ҳар бир қадамда кузатишимиз мумкин.                        

    Биринчи технологик портлаш —    Индустриал инқилоб    (XVIII    аср охири –    XIX    аср) даврини инсоният тарихидаги илк технологик портлаш деб аташ мумкин. Айнан мана шу даврда техника тараққиёти катта ютуқлар берган бўлса-да, айрим жиддий экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Заводлар чиқиндиларидан атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва ҳавога иссиқхона газларининг чиқиши ортиб, глобал исишнинг дастлабки босқичи пайдо бўлгани ҳеч кимга сир эмас.

    Инсоният ривожланиш даврида янгидан-янги соҳа ва йўналишларни кашф этиши ва ўзлаштириши билан бирга, бозордаги кескин рақобат ҳам кучайди. Инсонлар ва давлатлар ўртасидаги пойга натижасида вужудга келган ривожланишлар билан бир қаторда умумбашарий муаммолар узоқ йиллар давомида ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда.

    Шу жумладан,    иккинчи технологик портлаш    — электр ва нефтьни оммавий ишлаб чиқариш (XX    аср боши) юз бериши билан электр энергияси, автомобиллар, авиация ва конвейер тизимлари ривожланди. Бироқ салбий оқибатлар ҳам кузатилди: нефть ва газга кучли боғлиқлик, уларни қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш жараёнлари, автотранспорт чиқиндиларидан атмосферанинг зарарланиши, қуролланиш пойгаси ва ядровий хавфнинг кучайиши, табиат ресурсларининг катта ҳажмда йўқ қилиниши каби муаммолар юзага келди.

    Бугунги кунда саёрамиз қандай оғир оқибатларни кечирмоқда?

Муаммо

Нима учун содир бўлди

Маълум оқибатлар

Глобал ҳарорат исиш

Саноат    исиқҳона    газлари

Қутб музликлари эриши, иқлим офатлари

Биохилма-хиллик йўқолиши

Маданий ва саноат босими

Ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари йўқ бўлиши

Океан ифлосланиши

Пластик ва саноат чиқиндилари

Океан экотизимлари емирилиши

Табиий ресурслар тугаши

Ҳаддан ташқари истеъмол

Сув ва энергия танқислиги

    

    Бугунги кунда инсоният олдида турган асосий вазифа — табиатга қарши эмас, балки табиат билан уйғун ривожланиш йўлини топишдир. Бу жараёнда БМТнинг    Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ)    инсоният учун йўл харитаси вазифасини бажармоқда. Масалан:

    БРМ        иқлим ўзгаришига қарши курашишнинг асосий мақсади    – иқлим ўзгаришига қарши самарали чоралар кўриш, иссиқхона газларини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш орқали барқарор тараққиётни таъминлаш.

    1. Иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг катта глобал хавфлардан бири ҳисобланади.    Индустриал инқилобдан кейинги даврда саноат корхоналари, транспорт воситалари ва нефть-газга асосланган иқтисодий тизимлар атмосферага катта миқдорда иссиқхона газларини чиқарди. Бу жараён глобал исишни тезлаштирди, қутб музликларининг эришига, денгиз сатҳининг кўтарилишига ва турли иқлим офатларининг кўпайишига олиб келди.

    Асосий йўналишлар

    Иссиқхона газларини камайтириш: Саноат ва транспорт соҳаларида чиқиндиларни чеклаш, энергия самарадорлигини ошириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва тоза технологияларни жорий этиш.

    Қайта тикланувчи энергияга ўтиш: Қуёш, шамол, гидро ва биомасса энергиясини кенг жорий этиш. Бу нафақат атмосферага чиқиндиларни камайтиради, балки иқтисодий самарадорлик ва энергетик мустақилликни ҳам таъминлайди.

    Барқарор транспорт тизимлари: Электромобиллар, гибрид технологиялар, жамоат транспорти ва велосипед инфратузилмасини ривожлантириш орқали шаҳарларда ҳаво ифлосланишини камайтириш.

    Иқлимга мослашув: Қишлоқ хўжалигида иқлимга мос технологияларни жорий этиш, сув ресурсларини тежаш, қурғоқчилик ва сел каби табиий офатларга тайёргарлик кўриш.

    Халқаро ҳамкорлик: Ривожланган давлатлардан ривожланаётган мамлакатларга молиявий ва технологик кўмак бериш, иқлим бўйича глобал келишувларга амал қилиш.

    2. Океанлар ва денгизлар инсоният ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланади.    Улар ер юзининг қарийб 70 фоизини эгаллаб, глобал иқлим тизимини барқарорлаштиришда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ва иқтисодий ривожланишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу билан бирга, океанлар биохилма-хилликнинг энг катта манбаи бўлиб, миллионлаб турдаги ҳайвон ва ўсимликлар учун уй вазифасини бажаради.

    Бироқ сўнгги ўн йилликларда океанлар инсоният фаолияти туфайли жиддий хавф остида қолмоқда. Пластик чиқиндиларнинг ортиши, саноат ва нефть чиқиндиларининг сувга тушиши, ортиқча балиқ овланиши ва глобал исиш оқибатлари океан экотизимларини емирмоқда    ва бу борада Денгиз экотизимларини асраш мақсади белгилаб олинган.

    Асосий йўналишлар

  • Океан ифлосланишини камайтириш: Саноат чиқиндиларини назорат қилиш, нефть ва кимёвий моддаларнинг сувга тушишини чеклаш, портлар ва транспорт тизимларида экологик стандартларни кучайтириш.
  • Пластик чиқиндиларни чеклаш: Бир марталик пластик маҳсулотлардан воз кечиш, қайта ишлаш тизимини ривожлантириш, аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш.
  • Биохилма-хилликни муҳофаза қилиш: Коралл рифлари, сув остидаги ўрмонлар ва турли хил денгиз ҳайвонларини асраш, сув остидаги ҳудудларни муҳофаза қилинадиган зоналарга айлантириш.
  • Барқарор балиқчилик: Ортиқча ов қилишни чеклаш, қонунчилик орқали сув ресурсларини муҳофаза қилиш, барқарор ов усулларини жорий этиш.
  • Халқаро ҳамкорлик: Океанларни муҳофаза қилиш бўйича глобал келишувлар ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, давлатлар ўртасида тажриба алмашиш.

    3. Қуруқликдаги экотизимларни        ва биохилма-хилликни сақлаш инсониятнинг барқарор келажаги учун асосий шартлардан бири ҳисобланади.    Ер юзининг катта қисмидаги ҳаёт қуруқликда жойлашган ва инсон турмуши тўғридан-тўғри табиий ресурсларга боғлиқ. Шу боис, ўрмонларни асраш, чўлланишга қарши курашиш ва ернинг деградациясини тўхтатиш глобал миқёсда муҳим вазифа сифатида қўйилган.

    Асосий йўналишлар

  • Ўрмонларни муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш: Ўрмонлар атмосферадаги кислороднинг асосий манбаи бўлиб, иссиқхона газларини ютиб иқлимни барқарорлаштиради. Улар биохилма-хилликнинг уйи ва миллионлаб турдаги ҳайвон ҳамда ўсимликлар учун яшаш муҳити ҳисобланади. Шу боис ноқонуний дарахт кесишни чеклаш, қайта ўрмонлаштириш дастурларини амалга ошириш ва ўрмон ҳудудларини муҳофаза қилинадиган зоналарга айлантириш зарур.
  • Биохилма-хилликни сақлаш: Ердаги турли хил ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари инсониятнинг озиқ-овқат хавфсизлиги, тиббиёт ва иқтисодий ривожланишда муҳим аҳамиятга эга. Йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар учун махсус резервациялар ташкил этиш ва уларни асраш БРМ 15нинг асосий вазифаларидан бири.
  • Чўлланишга қарши курашиш: Ернинг деградацияси ва сув ресурсларининг камайиши чўлланиш жараёнини тезлаштиради. Бу эса қишлоқ хўжалигига катта зарар етказиб, миллионлаб одамларнинг турмуш тарзини хавф остига қўяди. Шу боис ердан барқарор фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш ва самарали агротехнологияларни жорий этиш муҳим.
  • Ер унумдорлигини тиклаш: Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва тиклаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мумкин. Органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, тупроқни муҳофаза қилиш усулларини жорий этиш ва ердан ортиқча фойдаланишни чеклаш зарур.
  • Халқаро ҳамкорлик: Табиатни муҳофаза қилиш бўйича глобал келишувларда иштирок этиш, илмий тадқиқотлар ва тажриба алмашиш орқали давлатлар биохилма-хилликни асрашда биргаликда ҳаракат қилишлари лозим.

    4. Арзон ва тоза энергия инсониятнинг барқарор келажаги учун энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.    Индустриал инқилобдан кейинги даврда нефть ва газга кучли боғлиқлик иқтисодий ўсишни таъминлаганига қарамай, атмосферага катта миқдорда иссиқхона газларини чиқариб, глобал исиш жараёнини тезлаштирди. Шу билан бирга, энергия нархларининг кескин ўзгариши ва ресурслар танқислиги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий хавф туғдирмоқда.

    БРМ    – ҳар бир инсон учун арзон, ишончли ва барқарор энергия манбаларини таъминлаш, шу билан бирга қайта тикланувчи энергия турларини кенг ривожлантиришдир.

    Асосий йўналишлар

    Нефть ва газга боғлиқликни камайтириш

    Инсониятнинг индустриал тараққиёти давомида нефть ва газга кучли боғлиқлик шаклланди. Бу ресурслар иқтисодий ўсишни таъминлаган бўлса-да, уларнинг ортиқча ишлатилиши экологик муаммоларни келтириб чиқарди. Шу боис, нефть ва газга боғлиқликни камайтириш барқарор ривожланишнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

  • Саноат ва транспорт соҳаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали чиқиндиларни камайтириш ва иқтисодий тежамкорликка эришиш мумкин.
  • Электр ва гибрид транспорт воситаларини оммалаштириш шаҳарларда ҳаво ифлосланишини камайтиради ва энергия сарфини тежайди.
  • Иқтисодиётда қайта тикланувчи энергия улушини ошириш орқали ресурслар диверсификациясига эришиш, мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлайди.

    Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш

    Қайта тикланувчи энергия манбалари инсониятнинг келажакдаги барқарор тараққиёти учун асосий омил ҳисобланади. Улар атмосферага иссиқхона газларини чиқармайди ва узоқ муддатли иқтисодий самарадорликни таъминлайди.

  • Қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш орқали тоза энергия ишлаб чиқаришни кенгайтириш мумкин.
  • Гидроэнергетика ва биомасса технологияларини жорий этиш энергия манбаларини диверсификация қилади ва ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлайди.
  • Давлат сиёсати ва инвестицияларни қайта тикланувчи энергияни қўллаб-қувватлашга йўналтириш орқали иқтисодий ўсиш ва янги технологияларни ривожлантиришга туртки берилади.

    Энергия самарадорлигини ошириш

    Энергия самарадорлиги – бу нафақат иқтисодий тежамкорлик, балки экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳам асосий йўлидир.

  • Ишлаб чиқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали энергия сарфини камайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш мумкин.
  • Уй-жой ва биноларда энергия тежамкор тизимларни жорий этиш аҳоли харажатларини камайтиради ва турмуш даражасини оширади.
  • Чиқиндилардан энергия олиш технологияларини ривожлантириш орқали ресурслардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш таъминланади.

    Ижтимоий ва иқтисодий аҳамият

    Арзон ва тоза энергия нафақат иқтисодий самарадорликни, балки ижтимоий адолатни ҳам таъминлайди.

  • Арзон энергия аҳоли турмуш даражасини оширади, чунки электр ва иссиқлик нархлари камайиши турмуш шароитини енгиллаштиради.
  • Қайта тикланувчи энергия иш ўринларини яратади ва янги соҳаларда иқтисодий ўсишга туртки беради.
  • Тоза энергия инсониятнинг келажак авлодларига соғлом муҳит қолдириш имконини беради, бу эса глобал барқарорликнинг асосий кафолати ҳисобланади.

    Инсоният тараққиёти давомида технологик инқилоблар катта ютуқлар билан бирга жиддий экологик ва ижтимоий муаммоларни ҳам келтириб чиқарди. Индустриал инқилобдан бошланган нефть ва газга боғлиқлик, атмосферанинг ифлосланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва табиий ресурсларнинг тез суръатда тугаши глобал миқёсда хавфли оқибатларга олиб келди.

    Бугунги кунда инсоният олдида турган асосий вазифа — табиатга қарши эмас, балки табиат билан уйғун ривожланиш йўлини топишдир. Бу жараёнда    БМТнинг Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (БРМ) йўл харита вазифасини бажармоқда. Хусусан,    БРМ    Арзон ва тоза энергия,Иқлим ўзгаришига қарши чоралар,    Денгиз экотизимларини асраш    ва    Қуруқликдаги экотизимларни        ва биохилма-хилликни сақлаш    каби мақсадлар инсониятни барқарор келажакка етаклайди.

    Шу боис, глобал муаммоларга ечим топишда технологик тараққиётни табиат билан уйғунлаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш, биохилма-хилликни асраш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш инсониятнинг келажак авлодларига соғлом муҳит қолдиришнинг асосий кафолати ҳисобланади.

Барқарор ривожланиш маркази

бош мутахассиси

Шухрат Хожимуродов