Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларда аҳолини рўйхатга олиш ҳар беш ёки ўн йилда мунтазам равишда ўтказиб келинади. Барча аъзо мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам ушбу муҳим тадбир икки босқичда амалга оширилди. Дастлаб аҳолининг бир қисми махсус электрон тизим орқали онлайн рўйхатдан ўтган бўлса, кейинги босқичда уйма-уй юриш орқали рўйхатдан ўтишга улгурмаган фуқаролар қамраб олинди.
Мазкур жараён давомида айрим фуқароларда – Бу нима учун керак?, Бундан қандай фойда бор? каби саволлар туғилиши табиий. Ҳатто баъзи инсонлар ушбу тадбирни ортиқча деб ҳисоблаган ҳолатлар ҳам кузатилди. Хўш, аҳолини рўйхатга олиш нима учун зарур ва нега ривожланган давлатларда бу жараён мунтазам равишда ўтказилади? Қуйида ушбу тадбирнинг долзарблиги ва зарурати ҳақида асосий сабаблар келтирилади.
Биринчидан, Аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари бевосита Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган Барқарор ривожланиш мақсадлари билан чамбарчас боғлиқ жараён ҳисобланиб қуйидаги мақсадларга мос келади:
1 - Мақсад. Қашшоқликка барҳам бериш. Бунда аҳолининг даромад даражаси, яшаш шароитлари аниқланади. Бу ўз навбатида кам таъминланган қатламларни аниқлаш ва камбағалликдан чиқариш бўйича тегишли қарорлар ишлаб чиқиш имконини беради.
3 - Мақсад. Соғлиқни сақлаш. Аҳолининг ёш таркиби, туғилиш ва ўлим кўрсаткичлари таҳлил этилиб, ҳудудларнинг ўзига хослиги аниқлаб олинади ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича режалар ишлаб чиқиш учун асос бўлади. Айрим ҳудудларда эса аҳоли сонига нисбатан тиббиёт муассасаларининг мавжудлиги ёҳуд сони ва эҳтиёжларни қондириши аниқланади.
4 - Мақсад. Сифатли таълим. Ҳар бир ҳудудда аҳолининг саводхонлик даражаси, ва таълими ҳақида маълумот йиғилади. Янги ташкил этилган ҳудудларда боғча ва мактаблар қуриш учун асос бўлиб хизмат қилади. Умуман олганда таълим инфратузилмасини ривожлантиришга ёрдам беради.
5 - Мақсад. Гендер тенглиги. Эркак ва аёллар сони ва тафовутлари аниқланади.
8 - Мақсад. Муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш. Меҳнат ресурслари, бандлик даражаси аниқланади. Эҳтиёждан келиб чиқиб иш ўринлари яратиш учун асос бўлади.
10 - Мақсад. Тенгсизликни камайтириш. Ҳудудий ва ижтимоий тафовутларни кўрсатади.
11 - Мақсад. Барқарор шаҳарлар ва жамият. Урбанизация даражаси ва ички миграция ҳамда унинг сабабларини ўрганиш имконини беради.
16 - Мақсад. Самарали бошқарув ва кучли институтлар. Йиғилган статистик маълумотларни таҳлил қилиш орқали давлат бошқарувида муҳим қарорлар қабул қилиш имконини беради ва ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос портретини шакллантиришда ушбу жараён муҳим ўрин тутади.
Иккинчидан, Йиғилган маълумотларни таҳлил қилиш орқали мамлакатни ривожлантириш ва аҳоли эҳтиёжларини яхшироқ англаш ва таъминлаш учун режалар ишлаб чиқишда ушбу тадбирнинг ўрни стратегик аҳамиятга эга.
Масалан, фуқаро маълум ҳудудда доимий рўйхатда тургани билан мутлақо бошқа ҳудудда йиллаб фаолият олиб бориши ёки яшаши мумкин. Айрим хонадонларда ўнлаб одамларнинг доимий яшаши (прописка) кўрсатилса-да амалда бир неча одам яшаши, рўйхатдаги аксарият одамларнинг бошқа вилоят ёки туманда яшаши тўғрисидаги маълумотларга дуч келасиз. Бу нафақат инсонларга зарурий шароитни таъминлаш ёки моддий ёрдамга муҳтож инсонларнинг ҳудудий жойлашувидаги ноаниқликларни келтириб чиқаради. Балки уларнинг энг асосий ҳуқуқларидан бири бўлмиш сайлов жараёнларида қатнашишга доир масалаларда муаммоларни келтириб чиқаради. Яъни бу жараёнда иштирок этиш имкони бўлмаган инсонларга ҳам сайлов бюллетенлари юборилиш ҳолатларини кузатиш мумкин.
Учинчидан, маҳаллий давлат ҳокимият органларига ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига нисбатан эътибор ва имкониятлар яратиб бериш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга интилишларини муносиб рағбатлантириш учун асос бўлувчи маълумотларни йиғиш имконини беради. ЖССТнинг 2022-йилги маълумотларига кўра, ногиронлиги бўлган шахслар дунё аҳолисининг 16 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда эса ногиронлиги бўлган шахслар сони 2025 йил I чораги якунига кўра, 1 миллион 31 минг 609 нафарни ёки Ўзбекистон умумий аҳолисининг 2,7 фоизини ташкил этади. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун муҳим манбадир.
Хулоса қилиб айтганда мамлакатнинг умумий портретини шакллантириш ва барқарор ривожланиши учун тегишли йўл харитасини яратиш, аҳолининг эҳтиёжларини ўз вақтида аниқлаш ва зарурий чоралар кўриш, ҳамда кескин табақалашув ва тафовутнинг олдини олиш, амалда мавжуд лекин хужжатларда акс этмаган яшовчиларга муносиб шароитларни яратиб бериш, сифатли таълим ва тиббий хизматлар кўрсатилишини таъминлаш учун доимий тарзда ўтказилиши ва мониторинг қилиб борилиши зарур бўлган тадбир ҳисобланади. Йиғилган маълумотлар таҳлили кўплаб муаммоларни жиддийлашмасидан аввал аниқлаш ва ҳал этишга имкон беради.
Сардорбек ЖЎРАЕВ
Барқарор ривожланиш маркази эксперти