Сув инсон ҳаёти, озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим табиий ресурсларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли халқаро ҳамжамият сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси қарори билан 22 март Бутунжаҳон сув куни сифатида белгиланган. Ушбу сана ҳар йили сув ресурсларининг аҳамияти ва уларни муҳофаза қилиш заруратига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида нишонланади.
Сув ресурсларини самарали бошқариш Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида белгиланган устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу мақсад 2030 йилга қадар барча инсонларни хавфсиз ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминлашни назарда тутади.
Бу мақсадлар халқаро миқёсда сув ресурсларини бошқаришда комплекс ва илмий асосланган ёндашувларни талаб этади. БМТ маълумотларига кўра, сув ва санитария барқарор ривожланишнинг муҳим таркибий қисми бўлиб, улар қамбағалликни камайтириш, иқтисодий ўсиш ва экологик барқарорликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бироқ сўнгги ўн йилликларда сув ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, ифлосланиш ва иқлим ўзгариши дунёда сув танқислиги муаммосини кучайтирмоқда.
Бугунги кунда жаҳонда 2,2 миллиарддан ортиқ аҳоли хавфсиз ичимлик суви хизматларидан, 4 миллиарддан зиёд одам эса замонавий санитария шароитларидан тўлиқ фойдалана олмайди. Шу билан бирга, дунёдаги оқова сувларнинг катта қисми тозаланмасдан табиий муҳитга қайтарилади, бу эса экотизимларга салбий таъсир кўрсатади.
2015 йилда БМТга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида 6-мақсад – “Барча учун сув ресурслари ва санитариянинг мавжудлиги ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш”вазифаси белгиланган. Бу мақсадга эришиш учун халқаро ҳамкорликни кучайтириш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва замонавий технологияларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.
Марказий Осиё минтақаси учун сув ресурслари масаласи алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Минтақанинг табиий-географик шароити, иқтисодиётнинг катта қисми суғорма қишлоқ хўжалигига боғлиқлиги ҳамда асосий сув манбалари бўлган Амударё ва Сирдарё дарёларининг трансчегаравий хусусияти сув ресурсларини бошқаришни давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва мувофиқлаштирилган сиёсат талаб этадиган муҳим масалага айлантирмоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, келгуси йилларда минтақада сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар янада долзарб тус олиши мумкин. Хусусан, Евроосиё тараққиёт банки таҳлилларига кўра, иқлим ўзгариши ва Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали ишга тушиши натижасида Марказий Осиёда 2028–2029 йилларга келиб сув ресурслари тақчиллиги кучайиши мумкин. Ушбу ҳисоб-китобларга кўра, минтақада йиллик сув танқислиги 5–12 куб километр атрофида бўлиши эҳтимоли қайд этилган. Бу эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва минтақавий ҳамкорликни кучайтириш заруратини янада оширади.
Бугунги кунда минтақадаги мавжуд сув ресурсларининг катта қисми қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига сарфланади. Турли таҳлилларга кўра, Марказий Осиёда мавжуд сув захираларининг 80 фоиздан ортиғи айнан суғорма деҳқончиликка йўналтирилган. Айниқса, сувталаб экинлар етиштириш юқори сув сарфини талаб қилади.
Сув ресурслари билан боғлиқ вазият Орол денгизи ҳавзаси экотизимига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Амударё дельтасига етказиб берилаётган сув ҳажмининг камайиши Жанубий Орол ҳудудида экологик муаммоларни сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Айрим маълумотларга кўра, дельта ҳудудига режалаштирилган сув ҳажмининг тўлиқ етказилмаслиги экотизим барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу билан бирга, Орол ҳавзасининг шимолий қисмидаги вазият нисбатан барқарорроқ экани қайд этилмоқда. Қозоғистон ҳудудида жойлашган Кичик Орол денгизида амалга оширилган гидротехник лойиҳалар натижасида сув ҳажмининг ошиши кузатилган. Ушбу лойиҳалар Жаҳон банки кўмагида амалга оширилган бўлиб, улар Орол ҳавзасидаги экологик вазиятни қисман барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, Марказий Осиёда сув ресурсларини барқарор бошқариш масаласи нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу сабабли минтақада сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш ва давлатлараро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Оролбўйи ҳудудларидаги экологик вазиятни яхшилаш мақсадида халқаро даражада қатор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Хусусан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси доирасида минтақавий дастурлар ишлаб чиқилган ва давлатлар ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув ресурсларини самарали бошқариш ва ирригация тизимини модернизация қилишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мамлакатда:
сув ишлатиш самарадорлигини ошириш;
ирригация ва мелиорация тизимларини реконструкция қилиш;
сув тежамкор технологияларни жорий этиш;
рақамли мониторинг ва ҳисобга олиш тизимларини татбиқ этиш;
каналлар ва гидротехник иншоотларни модернизация қилиш йўналишларида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистонда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва сув тежамкор технологияларни кенг жорий этиш давлат сиёсати даражасида қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш, замонавий сув ҳисоблаш ускуналари ва рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар 2,6 миллион гектарга етди, бу эса умумий суғориладиган ер майдонларининг тахминан 60 фоизини ташкил этади. Таққослаш учун, 2017 йилгача республикада бундай технологиялар жорий қилинган майдонлар атиги 19 минг гектарни ташкил этган эди. Қисқа вақт ичида ушбу кўрсаткичнинг кескин ошиши соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар самарасини кўрсатади. Мазкур чора-тадбирлар натижасида ҳар йили 2,5 миллиард куб метр сувни тежаш имконияти яратилмоқда.
Келгуси йилларда мазкур йўналишдаги ишлар янада кенгайтирилиши режалаштирилган. Жумладан, 2030 йилга қадар қишлоқ хўжалиги суғориладиган экин майдонларида сув тежаш технологиялари (шу жумладан, ерларни лазерли текислаш) билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш белгиланган.
Сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш доирасида мамлакатдаги йирик гидротехник иншоотлар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республикадаги 17 та сув омборида фавқулодда вазиятларда аҳолини эрта огоҳлантириш бўйича локал хабар бериш тизимлари жорий қилинган. Шунингдек, 16 та сув омборига 83 та сейсмик қурилма (акселометр) ўрнатилган бўлиб, улар гидротехник иншоотларнинг сейсмик барқарорлигини мониторинг қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, 44 та сув омборига сув сатҳини реал вақт режимида кузатувчи махсус датчиклар ўрнатилган. Бу тизимлар сув омборларидаги ҳолатни доимий назорат қилиш, эҳтимолий хавфларни барвақт аниқлаш ва тезкор қарор қабул қилиш имконини яратади.
Сув ресурсларини бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш борасида космик мониторинг усуллари ҳам татбиқ этилмоқда. Жумладан, “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорликда
60 та сув омборининг лойқа ҳажми ва сув захиралари бўйича космик маълумотлар асосида аниқлик киритилган. Шунингдек, 20 та сув омбори тўғонларининг деформацияланиши, силжиши ва чўкиши динамикаси космик кузатувлар орқали мониторинг қилинмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, жаҳон амалиётида сув объектларини бошқаришда космик тадқиқотлар ва масофавий мониторинг технологиялари тобора кенг қўлланилмоқда. Шу сабабли бу соҳадаги илғор тажрибани ўрганиш ва уни миллий амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Бу каби инновацион ёндашувлар сув ресурсларини самарали бошқариш, гидротехник иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишда муҳим омил ҳисобланади.
Авазбек ХАЛБЕКОВ Барқарор ривожланиш маркази бўлим бошлиғи