Барқарор ривожланиш маркази Хоразм вилояти бўлинмаси ташаббуси билан Канаданинг Ванкувер шаҳрида жойлашган TBI “Technology Consulting” компанияси ҳамда олий таълим муассасалари ўртасида ахборот технологиялари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ва РАНЧ технология университети билан ҳамкорликда сунъий интеллект ва ахборот технологиялари йўналишларида таълимни ташкил этиш, жаҳон андозаларига мос ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда замонавий таълим тажрибаларини ўқув жараёнига татбиқ этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида маълумотларни моделлаштириш, бизнес-таҳлил, сифатли дастурий таъминот яратиш, операцион тизимлар, дастурлаш ва дастурий таъминот лойиҳаларини бошқариш каби йўналишларда таълимни ташкил этиш бўйича таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур келишув ахборот технологиялари соҳасида замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, таълим дастурларини халқаро тажриба асосида такомиллаштириш ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Ташаббус 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг 4-мақсади — “Умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш” билан ҳамоҳангдир.
Бугунги кунда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект жамият ҳаётининг барча соҳаларига жадал кириб бормоқда. Бу эса таълим тизими олдига янги талабларни қўйиб, ёшларга нафақат назарий билим бериш, балки уларни замонавий технологиялар билан ишлаш, муаммоларни таҳлил қилиш ва инновацион ечимлар ишлаб чиқишга ўргатиш заруратини кучайтирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, халқаро ҳамкорлик асосида янги таълим йўналишларини ривожлантириш, ўқув дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштириш ва талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш сифатли таълимни таъминлашнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Меморандум доирасида белгиланган ҳамкорлик йўналишлари амалиётга татбиқ этиш, Хоразм вилояти ёшлари учун замонавий касбларни эгаллаш, рақамли иқтисодиёт шароитида рақобатбардош бўлиш ва халқаро меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича билим олиш имкониятлари кенгайтиради.
Ушбу ташаббус таълим ва инновацияларни ўзаро уйғунлаштириш, халқаро тажрибани маҳаллий таълим тизимига олиб кириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.