Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Озиқ-овқат хавфсизлиги: ҳосилдан дастурхонгача

16-10-2026 30
    16 октябрь – Жаҳон озиқ-овқат куни

    Бу сана ҳар бир инсоннинг етарли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқатга эга бўлиши, қишлоқ хўжалиги барқарорлиги ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг аҳамиятини яна бир бор эслатади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) 2026 йилги куннинг асосий ғоясини    “Innovate today. Nourish tomorrow” – “Бугун инновация – эртага тўқин дастурхон”    шиори билан ифодалаган.

    Бу ғоя биз учун ҳам амалий мазмунга эга: замонавий билим ва технологиялар даладаги ҳосилни аҳоли дастурхонига етиб борадиган сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотга айлантириши керак. Жорий йилнинг 7–8 октябрь кунлари Тошкентда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда денгизга чиқиши имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадларига бағишланган иккинчи халқаро форум ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Мазкур мулоқот озиқ-овқат таъминотини фақат миллий ишлаб чиқариш миқёсида эмас, балки иқлимга мослашув, савдо йўллари, транспорт харажатлари ва минтақавий ҳамкорлик билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни халқаро анжуманлар иштирокчиларига йўллаган табригида иқлим ўзгариши, сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва логистикадаги узилишлар озиқ-овқат нархларига таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратди. Президент 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни икки баробар, экспорт ва қўшилган қийматни эса уч карра ошириш мақсади белгиланганини таъкидлади. Шунингдек, Марказий Осиёдан бошлаб денгизга чиқиш имкони бўлмаган давлатлар ва транзит ҳамкорларни бирлаштирадиган озиқ-овқат ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, маҳсулотни қайта ишлаш, совиткичли сақлаш ва ташиш лойиҳаларига инвестицияларни жалб этиш ташаббуслари илгари сурилди.

    Форум арафасида, 6 октябрь куни Президент ФАО бош директори Чюй Дуньюйни қабул қилди. Мулоқотда Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги янги беш йиллик ҳамкорлик дастури, фаол босқичга ўтган 27 та қўшма лойиҳа, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида давлатимиз раҳбарига озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ФАОнинг олий мукофоти – “Agricola” медали топширилди. Бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларнинг халқаро эътирофи бўлиш билан бирга, олдинда турган вазифаларнинг долзарблигини ҳам намоён этади.

    Ўзбекистонда сабзавотчилик ана шу вазифанинг муҳим таянчларидан бири. Қулай табиий шароит, деҳқончилик анъаналари, катта ички бозор ва айрим ҳудудларда йил давомида бир неча марта ҳосил олиш имконияти соҳанинг устунликларидир. Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатимизда 13,7 миллион тонна сабзавот етиштирилган. Бу салоҳият озиқ-овқат таъминотини янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам асос яратади. Бироқ озиқ-овқат хавфсизлиги ҳосил миқдори билангина ўлчанмайди. Маҳсулотнинг йил давомида бозорда мавжудлиги, нархи, сифати, унинг истеъмолчига йўқотишларсиз етиб бориши, шу билан бирга, деҳқон ва фермернинг муносиб даромад олиши ҳам муҳим. Шу боис, “кўп етиштириш” билан “барқарор таъминлаш” ўртасидаги боғлиқликка эътиборни кучайтириш лозим.

    Сифатли озиқ-овқатнинг бошланиши – сифатли уруғ

    Озиқ-овқат таъминотининг ишончли пойдевори даланинг ўзида қўйилади. Маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос, ҳосилдор, касаллик ва қурғоқчиликка чидамли навлар маҳсулот сифатига ҳам, ишлаб чиқариш таннархига ҳам таъсир кўрсатади. Маҳаллий селекция ва уруғчиликни ривожлантириш орқали ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятлари кенгаяди, ташқи таъминотга боғлиқлик камаяди.

    Уруғликни сертификатлаш ва унинг келиб чиқишини кузатишда рақамли ечимлардан фойдаланиш ҳам муҳим. Масалан, “Ўзагроинспекция” маълумотларига кўра, 2026 йил биринчи чоракда уруғлик ва кўчатлар учун 3 миллион 750 мингдан зиёд QR-кодли ёрлиқ берилган, шундан 616 мингдан зиёди сабзавот ва полиз экинлари уруғликларига тўғри келган. Бундай воситалар ишончли таъминот занжирини шакллантиришга хизмат қилади. Энди уларнинг фермер учун амалий натижаси – сифат, ҳосилдорлик ва харажатларни камайтиришдаги самараси – устувор аҳамиятга эга.

    Сув ва билим: барқарор ҳосилнинг икки шарти

    Иқлим ўзгариши ва сув ресурсларига талабнинг ортиши шароитида озиқ-овқат таъминотини фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобига мустаҳкамлаш етарли эмас. Ҳар бир куб метр сувдан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғориш, тупроқ намлигини аниқлаш ва экинни илмий асосда озиқлантириш тобора муҳимлашмоқда. Бироқ технологиянинг ўзи ечим эмас. Фермер уни тўғри танлаш, ўрнатиш ва ишлатишда амалий маслаҳатга муҳтож. Шунинг учун илмий муассасалар, агрохизмат марказлари ва лабораториялар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириб, тупроқ, сув ва ўсимлик ҳолатига оид таҳлилларни фермер учун қулай хизматга айлантириш мақсадга мувофиқ. Жаҳон озиқ-овқат кунининг инновация ҳақидаги даъвати, аввало, билим ва янгиликни ишлаб чиқарувчига яқинлаштиришни англатади.

    Сабзавот ва мевалар тез бузиладиган маҳсулотлардир. Ҳосилни вақтида йиғиш, саралаш, совитиш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш жараёнидаги ҳар бир узилиш озиқ-овқат йўқотилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун маҳсулотни йўқотишсиз истеъмолчига етказиш масаласи ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш билан бир қаторда қаралиши зарур.

    2026 йил май ойида эълон қилинган расмий маълумотларда мамлакатимизда 1,5 миллион тонна сиғимли сақлаш омборлари ва 3,5 миллион тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватлари мавжудлиги қайд этилган. Июль ойидаги видеоселектор йиғилишида йил охиригача жами 87 минг тонна сиғимга эга 340 та совиткичли омборни ишга тушириш вазифаси белгиланган. Мавжуд ва яратилаётган қувватлардан янада самарали фойдаланиш бозорни йил давомида маҳсулот билан таъминлашда муҳим омил бўлади. Масалан, омборлар ва қайта ишлаш корхоналарининг жойлашуви, бўш қуввати, маҳсулот қабул қилиш шарти ва хизмат нархлари ҳақида очиқ электрон маълумотлар фермерга ҳосилни қаерда ва қандай сақлашни олдиндан режалаштириш имконини беради. Бу маҳсулотнинг исроф бўлишини камайтиради, мавсумий нарх тебранишларининг таъсирини юмшатишга ёрдам беради.

    Дала ва бозор ўртасида ахборот кўприги

    Қайси маҳсулотга қачон ва қанча талаб бўлишини билиш ишлаб чиқарувчи учун муҳим иқтисодий омил. Айрим мавсумларда кўпчилик бир хил экинни танласа, йиғим-терим пайтида таклиф кескин ошиши, маҳсулотнинг бир қисми арзон баҳода сотилиши мумкин. Шу сабабли асосий сабзавот турлари бўйича экишдан олдин очиқ талаб-таклиф прогнозларини тайёрлаш фойдали бўлар эди. Бунда гап фермерга қандай экин экишни белгилаб бериш ҳақида эмас. Аксинча, уни мавжуд бозор маълумотлари, қайта ишлаш корхоналари эҳтиёжи, сақлаш имкониятлари ва эҳтимолий таваккаллар билан таъминлаш ҳақида бормоқда. Фермер мустақил қарор қабул қилади, аммо бу қарор янада аниқ ахборотга таянади. Савдо тармоқлари ва қайта ишловчилар билан олдиндан келишилган шартномалар ҳам маҳсулот сотувини барқарорлаштириши мумкин.

    Барқарор ривожланиш мақсадларининг 2-мақсади очликка барҳам бериш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифатли овқатланишни таъминлаш, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган. Унинг вазифаларида кичик озиқ-овқат ишлаб чиқарувчиларнинг унумдорлиги ва даромадини ошириш, барқарор ишлаб чиқариш амалиётларини кенгайтириш ҳамда уруғликларнинг генетик хилма-хиллигини сақлаш алоҳида ўрин тутади. Шу маънода, соҳа натижадорлигини баҳолашда ҳосил ҳажми билан бирга фермернинг соф даромади, маҳсулот таннархи, сув сарфи, сақлашдаги йўқотишлар ва қайта ишлаш ҳисобига яратилган қўшимча қийматга ҳам эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Чунки ишлаб чиқарувчининг иқтисодий манфаати мустаҳкам бўлмаса, озиқ-овқат билан узлуксиз таъминлашни ҳам узоқ муддатда кафолатлаш қийин. Тошкент форумида билдирилган халқаро ҳамкорлик ва инвестиция ташаббуслари ҳам айнан шу амалий мезонлар билан уйғунлаштириши мумкин. Бу йўналишда янги мураккаб бошқарув тизимларини барпо этиш шарт эмас. Мавжуд илмий, ишлаб чиқариш, логистика ва ахборот имкониятларини яхшироқ боғлаш, агросервис сифатини ошириш, сифатли уруғ ва тежамкор технологияларни оммалаштириш, фермерларни бозор ахбороти билан таъминлаш катта амалий натижа бериши мумкин.

    Жаҳон озиқ-овқат кунининг мазмуни ҳам айнан шунда: озиқ-овқат хавфсизлиги фақат мўл ҳосил олиш эмас, балки уни асраш, арзон ва сифатли ҳолда истеъмолчига етказиш, ер ва сув ресурсларини келажак авлодлар учун сақлашдир. Бутун далаларимизга кириб келаётган ҳар бир фойдали инновация эртанги куннинг барқарор таъминоти, фермернинг даромади ва халқимиз дастурхони фаровонлигига хизмат қилиши керак. Тошкентдаги халқаро форум ва Президент табригида илгари сурилган ғоялар ҳам миллий ишлаб чиқариш, ресурс тежамкорлиги, замонавий логистика ва ўзаро ҳамкорлик бир-бирини тўлдиргандагина узоқ муддатли озиқ-овқат барқарорлигига эришиш мумкинлигини кўрсатади.

    Жаҳонгир ИСАЕВ,

    “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ бўлими бошлиғи.

Манба: “Қишлоқ ҳаёти”, 2026 йил 15-октябрь, 44-сон