Глобал иқтисодий беқарорлик, иқлим ўзгариши, демографик босим ва ресурслар чекланганлиги шароитида мамлакатнинг барқарор ривожланиши ҳудудларнинг мутаносиб ривожланиши, ички салоҳияти ва маҳаллий ресурслардан самарали фойдаланилишига боғлиқ. Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, инфратузилмани яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ ҳудудларнинг табиий-ресурс, демографик, ишлаб чиқариш ва инвестиция имкониятлари ўзаро фарқланиши сабабли уларнинг эҳтиёжларига мос ёндашувларни қўллаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.
2026 йилнинг январь–июнь ойларида ҳам ҳудудлар иқтисодий кўлами ва ўсиш суръатлари ўртасида сезиларли фарқ кузатилди. Жумладан, Тошкент шаҳри ялпи ҳудудий маҳсулоти 226,0 трлн сўмни ташкил этиб, 13,3 фоизга ўсган бўлса, Навоий вилоятида ЯҲМ 113,9 трлн сўм ва ўсиш 6,7 фоизни, Тошкент вилоятида эса мос равишда 103,8 трлн сўм ва 8,7 фоизни ташкил этди. Мазкур тафовутлар ҳудудларни ривожлантиришда уларнинг ўзига хос хусусиятлари ва ички имкониятларини ҳисобга олувчи механизмларни кенгайтириш зарурлигини кўрсатади.
Фуқаролик ташаббуслари иқтисодий нуқтаи назардан, энг аввало, давлат ва бозор механизмлари тўлиқ қамраб ололмайдиган маҳаллий эҳтиёжларни аниқлаш имконини беради.
Ҳудуддаги аҳоли ва жамоат ташкилотлари қайси маҳаллада ичимлик суви, ички йўл, транспорт, бандлик, тиббий ёки ижтимоий хизмат билан боғлиқ муаммо мавжудлигини бевосита ҳис қилади. Демак, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши ахборот асимметриясини камайтиради ва давлат ресурсларини аҳолининг реал эҳтиёжларига яқинлаштиради.
Иккинчидан, фуқаролик жамияти қўшимча ресурсларни сафарбар этади. ННТлар давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар билан бир қаторда бизнес, халқаро ташкилотлар, хайрия маблағлари, аҳоли ташаббуслари ва кўнгилли меҳнатини маҳаллий муаммоларни ҳал этишга йўналтириши мумкин.
Учинчидан, фуқаролик жамияти институтлари давлат томонидан амалга оширилаётган ҳудудий дастурларнинг натижадорлиги устидан жамоатчилик мониторингини кучайтириш орқали ресурслардан фойдаланиш самарадорлигига таъсир кўрсатади.
Тўртинчидан, фуқаролик ташаббуслари ҳудудда ижтимоий инновациялар шаклланишига хизмат қилади. Аҳоли бандлиги, хотин-қизлар тадбиркорлиги, ёшлар билан ишлаш, экологик муаммоларни ҳал этиш, туризм, ҳунармандчилик ва ижтимоий хизматлар соҳасида кичик миқёсда синовдан ўтган самарали лойиҳалар кейинчалик бутун туман, вилоят ёки республика даражасида кенгайтирилиши мумкин.
2026 йилда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш амалиётида ҳам ҳудудий йўналиш кучайиб бормоқда. Хусусан, айрим давлат ижтимоий буюртмаларида ННТлар, ёшлар ва ташаббускор фуқаролар учун замонавий инфратузилма яратиш, ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда давлат органлари билан ҳамкорликни кучайтириш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, 2026 йилда эълон қилинган халқаро қўшма грант танловида ҳам “Ҳудудий ривожланиш ва ижтимоий фаровонлик ташаббуслари” алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Бу фуқаролик жамияти институтларининг вазифаси анъанавий ижтимоий ҳимоя доирасидан чиқиб, ҳудудларни ривожлантириш жараёнларига тобора яқинлашаётганини кўрсатади.
Фуқаролик жамияти институтларининг ҳудудий ривожланишга қўшаётган ҳиссасини ошириш нуқтаи назаридан айрим механизмларни такомиллаштириб бориш мақсадга мувофиқ.
Биринчидан, ННТлар ва бошқа жамоат ташкилотларини ҳудудий дастурларни нафақат амалга ошириш, балки уларни ишлаб чиқиш, устувор йўналишларни белгилаш ва маҳаллий эҳтиёжларни баҳолаш босқичларига ҳам кенгроқ жалб этиш мақсадга мувофиқ. Бу жойларда тўпланган амалий тажриба, аҳоли эҳтиёжлари ҳақидаги бевосита маълумотлар ва маҳаллий ташаббусларни стратегик режалаштириш жараёнида тўлиқроқ ҳисобга олиш имконини беради.
Иккинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг ҳудудлар кесимидаги ташкилий, молиявий ва кадрлар салоҳиятини мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса, туман ва чекка ҳудудларда фаолият юритаётган ННТлар учун лойиҳа бошқаруви, грант маблағларини жалб қилиш, ижтимоий тадбиркорлик, рақамли технологиялар ва натижадорликни баҳолаш бўйича амалий кўникмаларни ошириш уларнинг маҳаллий ривожланиш жараёнларидаги иштирокини янада кучайтириши мумкин.
Учинчидан, ижтимоий лойиҳалар самарадорлигини баҳолаш тизимини босқичма-босқич натижага йўналтирилган ёндашув билан бойитиш муҳим. Амалда лойиҳаларни баҳолашда сарфланган маблағлар, ўтказилган тадбирлар ва иштирокчилар сони каби кўрсаткичлар муҳим аҳамиятга эга. Бироқ барқарор ривожланиш нуқтаи назаридан улар билан бир қаторда лойиҳанинг ҳудуд ҳаётига кўрсатган аниқ ижтимоий-иқтисодий таъсирини ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.
Бунда асосий эътибор қуйидаги саволга қаратилиши мумкин:
“Амалга оширилган лойиҳа ҳудудда қандай ижобий ижтимоий- иқтисодий натижа яратди?”
Масалан, лойиҳа натижасида янги доимий иш ўринлари яратилдими, оилалар даромадлари ошдими, аҳолининг ичимлик суви, таълим, тиббий ёки бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти яхшиландими, экологик ҳолатда ижобий ўзгариш кузатилдими ана шу каби натижавий мезонлар лойиҳаларнинг ҳақиқий самарасини тўлиқроқ баҳолаш имконини беради.
Давлат ҳудудий ривожланишнинг стратегик устувор йўналишларини белгилаш, қулай ҳуқуқий ва институционал муҳит яратиш, инфратузилмани ривожлантириш ҳамда иштирокчилар ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш вазифасини бажаради.
Бизнес субъектлари инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда маҳаллий иқтисодий фаолликни ошириш орқали ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга ҳисса қўшади.
Фуқаролик жамияти институтлари аҳоли ва маҳаллий ҳамжамиятларнинг эҳтиёж ҳамда ташаббусларини ифодалаш, уларни ҳудудий ривожланиш жараёнларига жалб этиш, ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни илгари суриш ва амалга ошириш, шунингдек, жамоатчилик иштирокини таъминлаш орқали давлат ва аҳоли ўртасидаги самарали мулоқотни мустаҳкамлайди.
Илм-фан ва таълим муассасалари эса ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва ривожланиш имкониятларини илмий жиҳатдан баҳолаш, истиқболли ўсиш нуқталарини аниқлаш, инновацион ечимларни таклиф этиш, амалга оширилаётган лойиҳалар натижадорлигини таҳлил қилиш ҳамда илмий асосланган прогноз ва тавсияларни ишлаб чиқиш орқали мазкур ҳамкорликнинг таҳлилий асосини мустаҳкамлайди.
Шу нуқтаи назардан, амалдаги ҳудудий ривожланиш механизмларини “эҳтиёжни аниқлаш - ташаббусни шакллантириш - ҳамкорликни йўлга қўйиш - ресурсларни сафарбар этиш - лойиҳани амалга ошириш - натижани баҳолаш - самарали тажрибани оммалаштириш” тамойили билан янада бойитиш мақсадга мувофиқ.
Фуқаролик жамиятининг ҳудудий ривожланишга қўшаётган ҳиссасини объектив баҳолаш учун “Ҳудудий фуқаролик иштироки индекси” (ҲФИИ)ни ишлаб чиқиш таклиф этилади.
Индексни қуйидаги бешта йўналиш бўйича шакллантириш мумкин:
1. Институционал фаоллик (20 фоиз) - ҳудудда фаолият кўрсатаётган ННТ ва бошқа жамоат институтларининг аҳоли сонига нисбати, уларнинг ҳудудий қамрови.
2. Ижтимоий шериклик (20 фоиз) - давлат органлари ва ННТлар ҳамкорлигида амалга оширилган лойиҳалар, давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар.
3. Фуқаролик ташаббуслари (20 фоиз) - аҳоли ва жамоат ташкилотлари ташаббуси билан илгари сурилган ҳамда амалга оширилган маҳаллий лойиҳалар.
4. Жамоатчилик назорати ва очиқлик (20 фоиз) - ҳудудий дастурлар, бюджет маблағлари ва ижтимоий лойиҳалар устидан жамоатчилик мониторинги.
5. Ижтимоий-иқтисодий натижа (20 фоиз) - фуқаролик ташаббуслари натижасида бандлик, аҳоли даромади, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, экологик ҳолат ва ҳаёт сифатида кузатилган ўзгаришлар.
Шунда умумий индекс қуйидагича ҳисобланиши мумкин:
ҲФИИ = 0,2ИФ + 0,2ИШ + 0,2ФТ + 0,2ЖН + 0,2ИН.
Индекснинг мақсади ҳудудларни механик тарзда қайси ҳудудда фуқаролик иштироки механизмлари яхши ишлаётгани, қаерда эса институционал қўллаб-қувватлаш зарурлигини аниқлашдан иборат.
Ҳудудларнинг барқарор ривожланишида табиий ресурслар, инвестициялар, ишлаб чиқариш ва инфратузилма билан бир қаторда ижтимоий капитал, фуқаролик фаоллиги ва маҳаллий ташаббуслар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Фуқаролик жамияти институтларининг аҳолига яқинлиги маҳаллий эҳтиёжларни аниқлаш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва қўшимча ресурсларни сафарбар этиш орқали ҳудудий дастурлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳудудий сиёсат самарадорлигини ошириш учун «давлат — бизнес — фуқаролик жамияти — илм-фан» ҳамкорлигини ривожлантириш, фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий натижаларини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш зарур.
Халбеков Авазбек Мехмонович
Мустақил изланувчи,
“Барқарор ривожланиш маркази” бўлим бошлиғи