Барқарор ривожланиш маркази 

Сайт синов режимида ишламоқда
  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Барқарор ривожланишни таъминлашда муносиб меҳнат ва бандликнинг аҳамияти

22-10-2026 20

    Дунёда аҳоли бандлигини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг 2026 йилги ҳисоботига кўра, жаҳонда ишсизлик даражаси 4,9 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда, ишлашни истаса-да, иш топиш имкониятига эга бўлмаган аҳоли сони эса 408 миллион кишига етиши прогноз қилинган. Бу рақамлар самарали бандликни таъминлаш, барқарор даромад манбаларини яратиш ва барча учун муносиб меҳнат шароитларини шакллантириш нақадар муҳимлигини кўрсатади.

    БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 8-мақсад барқарор иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, тўлиқ ва самарали бандликни таъминлаш ҳамда барча учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга қаратилган. Бугунги кунда технологик тараққиёт, рақамлаштириш ва сунъий интеллектнинг кенг жорий этилиши меҳнат бозорида янги талабларни юзага келтираётгани ҳам касбий тайёргарликни ошириш ва замонавий кўникмаларни эгаллаш заруратини кучайтирмоқда.

    Мазкур масалалар 2026 йил 21 октябрь куни Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар кутубхонасида Барқарор ривожланиш маркази Тошкент вилояти бўлими ҳамда Янгийўл шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган    “Барқарор ривожланишни таъминлашда муносиб меҳнат ва бандликнинг аҳамияти”    мавзусидаги жамоатчилик муҳокамасида ҳам марказий ўрин тутди. Унда ҳокимлик ходимлари ва маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари иштирок этди.

    Муҳокаманинг асосий мақсади аҳоли бандлигини таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат бўлди.

    Бандликни таъминлашда манзилли ёндашув

    Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотлар инсоннинг иқтисодий имкониятларини рўёбга чиқариш, оилалар даромадларини ошириш ва аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратишга қаратилган.

    Бу жараёнда маҳалла институтининг ўрни алоҳида. Хонадонларни хатловдан ўтказиш, ишсиз фуқаролар, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлик ҳолатини ўрганиш, уларнинг касбий малакаси, қизиқишлари ва эҳтиёжларини аниқлаш орқали манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилмоқда. Бундай ёндашув ҳар бир фуқаронинг имкониятларидан келиб чиқиб, уни ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўқитиш ёки тадбиркорликка йўналтиришга хизмат қилади.

    Камбағал оилаларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, ижтимоий реестрлар ва дафтарлар орқали эҳтиёжманд аҳоли билан ишлаш ҳам бандликни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бунда фуқароларнинг мустақил даромад топиши, касбий кўникмаларини ошириши ва иқтисодий фаоллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Шунингдек, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хонадонларда кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш учун имкониятлар кенгайтирилмоқда. Имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва меҳнат қуроллари билан таъминлаш каби механизмлар аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Бу жараёнда маҳалла тавсияси ва ҳоким ёрдамчиларининг кўмаги муҳим аҳамият касб этади.

    Фуқароларни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш орқали меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтиришга эътибор берилмоқда. Мономарказлар ва бошқа касбий тайёргарлик муассасалари фуқароларга талаб юқори бўлган касбларни эгаллаш, янги кўникмаларни ўзлаштириш ва ишга жойлашиш имкониятларини оширишга кўмаклашади.

    Ушбу чора-тадбирларнинг аҳамияти шундаки, бандлик сиёсати фақат иш ўринларини яратиш билан чекланмай, инсоннинг ўз салоҳиятини намоён этиши, барқарор даромад топиши ва оила фаровонлигини оширишига ҳам йўналтирилмоқда.

    Жамоатчилик муҳокамаси — ҳамкорлик ва амалий ечимлар майдони

    Янгийўл шаҳридаги жамоатчилик муҳокамаси аҳоли бандлиги масалаларини кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқиш, мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот бериш ва маҳаллий даражадаги вазифалар юзасидан фикр алмашиш учун муҳим майдон бўлди.

    Бундай тадбирлар давлат органлари ва фуқаролик жамияти ўртасида очиқ мулоқотни ривожлантириш, аҳолининг эҳтиёжларини чуқурроқ ўрганиш ва муаммолар ечими бўйича амалий таклифларни шакллантириш имконини беради. Айниқса, маҳалла раислари ва маҳаллий идоралар вакилларининг иштироки муҳим, чунки улар аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиб, ишсизлик, касбга ўқитиш ва тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ эҳтиёжларни яхши билади.

    Шу билан бирга, жамоатчилик муҳокамалари аҳолининг меҳнат ҳуқуқлари, мавжуд имтиёзлар ва бандлик имкониятлари ҳақидаги хабардорлигини оширишга хизмат қилади. Муҳокамаларда билдирилган таклифларни умумлаштириш, тегишли ташкилотларга етказиш ва уларнинг амалий ечимини излаш эса бундай тадбирлар самарадорлигини оширишнинг муҳим шартидир.

    Зеро, барқарор ривожланиш иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиши билангина эмас, балки инсонларнинг муносиб меҳнат қилиши, барқарор даромадга эга бўлиши ва келажакка ишонч билан қараши учун яратилган имкониятлар билан ҳам белгиланади. Шу маънода, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни жамоатчилик билан биргаликда муҳокама қилиш ва маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда муҳим аҳамият касб этади.