Юртимиз равнақи ва ёшлар камолоти йўлида дуал таълим ҳамда стратегик ҳамкорликнинг аҳамияти
Бугунги шиддатли глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари даврида барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш глобал миқёсда энг устувор вазифалардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида интеллектуал салоҳиятли, мустақил ва таҳлилий фикрлайдиган, замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини янги босқичга кўтариш талаб этилмоқда. Бу борада олий таълим муассасалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бунинг ёрқин намунаси сифатида Diplomat University ҳамда «Барқарор ривожланиш маркази» ННТ ўртасида имзоланган меморандум доирасида талабалар учун ташкил этилган малакавий амалиёт дастурини кўрсатиш мумкин.
Хусусан, 2026 йил 22 июндан 17 июлга қадар Diplomat University «Халқаро муносабатлар» таълим йўналиши 2-курс талабалари «Барқарор ривожланиш маркази»да 20 кунлик интенсив малакавий амалиёт ўтадилар. Ушбу давр мобайнида талабалар БМТнинг «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Кун тартиби» глобал дастури ҳамда унинг доирасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 83-сонли «2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳиятини ҳуқуқий ҳамда амалий жиҳатдан чуқур ўргандилар. Шунингдек, улар БМТ шафеълиги остида фаолият юритувчи нуфузли илмий-иқтисодий тармоқ ҳисобланган Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) фаолияти ва Глобал барқарор ривожланиш ҳисоботи (SDR) рейтингида давлатларнинг тутган ўрнини баҳолаш тизимини атрофлича таҳлил қилдилар.
Амалиёт давомида ёш тадқиқотчилар Россия Федерацияси ҳамда Марказий Осиё мамлакатларида барқарор ривожланиш кўрсаткичларини ошириш йўлида фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ташкилотлар, нуфузли университетлар ҳамда илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини ўргандилар. Ушбу ҳудудлардаги тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб, уларнинг ўзига хос ечимларини таҳлил қилиш натижасида хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларидан айнан Ўзбекистон шароитида қўллаш мумкин бўлган самарали амалий таклифлар пакетини шакллантирдилар. Талабалар бундай мураккаб вазифаларни бажариш асносида статистик маълумотлар, расмий манбалар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш, замонавий компьютер технологияларидан самарали фойдаланиш, мутахассислар жамоасида ишлаш ҳамда қатъий меҳнат интизомига риоя қилиш каби амалий кўникма ва малакаларини сезиларли даражада мустаҳкамладилар.
Малакавий амалиёт якунида «Барқарор ривожланиш маркази» раҳбарияти, бўлим бошлиқлари ва талабалар иштирокида ташкил этилган «Ёшлар ва барқарор ривожланиш» мавзусидаги илмий-амалий давра суҳбати ўзаро фикр алмашиш ва янги ғояларни ўртага ташлаш учун қулай майдон бўлди. Унда талабалар ўзларига бириктирилган барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича тайёрлаган таҳлилий маълумотлари, хорижий экспертларнинг хулосалари ва ўз таклифлари акс этган якуний тақдимотларини намойиш этдилар. Марказ раҳбарияти ёш мутахассисларнинг таҳлилий салоҳияти ва амалий натижаларини юқори баҳолади. Мазкур учрашувда барқарор ривожланиш мақсадлари бугунги кунда ёшлар учун улкан илмий, ижтимоий ва профессионал имкониятлар эшигини очиб бераётгани, уларнинг долзарб муаммолар ечимига ижодий ёндашиши жамият тараққиётини ҳаракатлантирувчи куч экани алоҳида қайд этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари олий таълим муассасаси ва ННТ ўртасидаги меморандум асосида ташкил этилаётган бундай амалий тадбирлар кўламини янада кенгайтириш лозимлигини таъкидладилар. Айниқса, талабаларнинг дарс жараёнидаги назарий билимларини бевосита ишчи муҳитда амалиёт билан узвий боғлаш мақсадида олий таълим тизимида дуал таълим (dual education) шаклини кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бундай тизимли ҳамкорлик талабаларни ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассислари ва етук кадрлари бўлиб етишишига замин ҳозирлайди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий равнақи ва халқаро майдондаги нуфузининг янада юксалишига хизмат қилиши шубҳасиздир.